(+99871) 249 43 33
(+998 97) 538-40-99
(+998 90) 900-65-01

АЛЛЕРГОЛОГИЯ СОҲАСИ РИВОЖИ ЙЎЛИДА

Таҳририятимизга телефон қўнғироғи бўлди. Ўзини Нодира деб таништирган аёл кечинмаларини айтиб берди.

— Ўғлим 7 ёшда. Унинг 3 ёшдан бошлаб томоғи оғриб, бўғилиб қоларди. Нафаси қисарди. Йўталарди. Ишонасизми, олиб бор­ма­ган шифохонам, кўрсатмаган дўхтирим қолмади. Лекин муола­жа­лар вақтинчалик таъсир қиларди. Йилнинг 5-6 ойини шифохо­нада ўтка­зардим. Учраган шифокорларим «ўғлинг шамол­лаган», дея энг кучли антибиотиклар, ҳатто гормонлар буюри­шарди. Шу вақт давомида ўғлим учун анча маблағ сарфлаб қўйдим. Ам­мо бунинг натижаси кўринмасди. Бир танишимнинг масла­ҳати билан доктор Салимов клиникасига келдим. Даволаниш­ни бошлаганимиздан сўнг боламнинг аҳволи яхшиланди. Ва тушуниб етдимки, биз шу пайтгача нотўғри даволанганмиз. Сиз­лар­га телефон қилишимдан мақсад доктор Салимов кли­никаси ва у ерда қўлланилаётган даво усуллари ҳақида ма­қола берсангизлар. Бу менга ўхшаб қийналиб, адашиб юр­ганларга асқотар, деб ўйлайман.

Тиббий хизматга эҳтиёж туғилса, қайси бирини танлардингиз – давлатникиними ёки хусусий тиббиёт муассасасиними?

Тажрибаларидан ва ҳамёнининг аҳволидан келиб чиқиб, бунга ҳар ким ҳар хил жавоб бериши мумкин. Сир эмас, хусусий клиникалар мижознинг «инжиқлик»ларини кўтаришга тайёр, албатта маълум ҳақ эвазига.

Тиббиётда хусусий амалиётнинг жорий этилишидан мақсад ҳам барча соҳаларда бўлгани каби рақобатни ривожлантириш, хизмат сифатини оширишдан иборат. Аммо бу соҳада умумий бўлган шартлар ҳам мавжудки, уларга риоя қилмаслик қандай оқибатларга олиб келишини бошимиздан ўтказдик. Хусусий тиббиёт клиникаларига лицензия бериш тартиб-қоидаларига ўзгартиш киритилиб, янги талаблар қўйилгани бежиз эмас.

«Доктор Салимов» хусусий клиникаси рекламага муҳтож эмас — аллергия касалликларини даволашга ихтисослашган мамлакатимиздаги кўзга кўринган муассаса. Бу ердаги шарт-шароитлар, даволаш услубларигина эмас, клиника раҳбари — олий тоифали аллерголог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эргаш ­Салимовнинг довруғи ҳам беморларни бу ерга чорлайди. Профессорнинг меҳнат фаолияти бутунича аллергология соҳаси билан боғлиқ — ­Москванинг етакчи институтларида илмий изланишлар олиб борган, Соғ­лиқни сақлаш вазирлигида аллергик хасталиклар бўйича етакчи мутахассис, болалар аллергология марказида раҳбар бўлиб ишлаган, иглотерапевтларнинг ICMART халқаро ассоциацияси, Россия аллергологлар ва клиник иммунологлар ассоциация­сининг аъзоси.

Эргаш Салимов эгнимга халат бериб, клиника бўйлаб саёҳатга таклиф этади.

Биринчи эътиборни тортган ҳолат — иш вақти тугашига оз қолганига қарамай муолажа хоналари ва йўлаклар мижозлар билан тўла эди.

— Кун давомида шу аҳвол, — изоҳ беради профессор. — Беморларни олдиндан навбатга ёзиш асосида қабул қиламиз. Акс ҳолда кутиб қолишлари мумкин. Ахир улар орасида узоқ вилоятлардан келадиганлар ҳам бор.

Муассасага мурожаат қилганлар энг аввало қабулхонадаги олий тоифали аллерголог шифокор суҳбатида бўлишади. Касаллик аломатлари ўрганилгач, беморни текширув, таҳлил, ташҳис ишлари бошланади. Бу ишлар энг замонавий асбоб ускуналар воситасида бажарилади. Касалликка сабаб бўлган аллергенни аниқлашдан тортиб, бу тур касалликлар учун бажариладиган қон таҳлилларини клиниканинг ўзида амалга ошириш имкони мавжуд.

— Бу ердаги ўзига хос бўйни ­сезяпсизми, — навбатдаги муолажа хонаси билан таништирар экан сўрайди профессор.

Ўн беш чоғли турли ёшдаги даволанувчилар ўтирган чоғроққина бу залдаги бўй деворларга илинган иккита ускунадан таралаётган экан.

Доктор Салимов бу ускуналар Чжевский қандиллари эканлигини айтиб, уларнинг ишлаш принципини тушунтиради. Табиий ҳавода «ҳаво витаминлари» кўп, Чжевский бу витаминлар — манфий аэроионларнинг инсон организмига самарали таъсир қилишини аниқлаган. У кашф қилган қандил эса «витамин заводи» ҳисобланиб, ҳавони манфий аэроионлар билан таъминлайди.

Эргаш Салимов билан клиника бўйлаб саёҳатимиз давомида, гарчи унинг ўзи таъкидлаб айтмаган бўлса-да, хусусий тиббиёт муассасасининг талаб даражасида ишлашини таъминловчи омиллар хусусида хулоса чиқариш имконига эга бўлдик. Булар юқорида таърифланган шарт-шароит­лар ва билимли мутахассислар ва шунинг билан бирга клиникада йўлга қўйилган ўзига хос даволаш услубидир.

Клиникада аллергик касалликлар дори-дармонсиз даволанади. Бунда профессор Эргаш Салимовнинг қатор ихтироларидан фойдаланилади. Жумладан, болаларда аллергик касалликларни, атопик дерматозни, поллинозларни, бронхиал астма билан оғриган беморларни дорисиз махсус аллерген иммун муолажа воситасида даволаш усуллари муваффақиятли йўлга қўйилган.

Мутахассислар бу усулнинг қатор афзалликларга эга эканлигини таъкидлашяпти. Хусусан, бу усул зарарсиз, асорат қолдирмаслиги, арзон, қулай, оддий, юқори натижалилиги, ҳар қандай шароитда қўллаш имкониятлари мавжудлиги, аллергенни аниқлаш воситаларига монелик қиладиган қимматбаҳо гистаминга қарши дори воситалари, гормонлар қўлланилмаслиги туфайли улардан келиб чиқадиган зарарларни йўққа чиқариши, аллерген иммун муолажа таъсирини икки уч баробар ошириши билан устун эканлигини таъкидлашяпти.

— Клиникада аллергик хасталикларнинг барча кўринишларини дори-дармонсиз, иглорефлексотерапия, аэроионотерапия, ва магнитотерапия ёрдамида даволаш орқали ҳайратланарли натижаларга эришилган, — деб ёзади Россия тиббиёт академия­си мухбир аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор И. Балаболкин.

Олим ва амалиётчи шифокор сифатидаги кўп йиллик изланишлари, тажрибаси натижасида Эргаш Салимов «Аллергик хасталиклар клиникаси ва муолажаси» ўқув қўл­ланмасини яратди.

Эргаш Салимов бундан қарийб ярим аср илгари, тиббиёт институтининг битирувчи курс талабаси вақтида устози, марҳум Ефим Пошков­с­кийнинг гапларини эслайди. «Болалар, шуни унутмангки, келгуси тиббиёт аллергия тиббиёти бўлади», деган эди у. Унинг башорати тўғри чиққанини исботлашга ҳожат бўлмаса керак. Бугунги кунда аллергик касалликлар кўпайиб бормоқда, унинг оғир турлари учраяпти. Охирги маълумотларга кўра, ер юзида ҳар тўрт инсондан биттаси аллергик хасталикка чалинган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Соғлиқни сақлаш қўмитаси ХХI асрни аллергия асри, деб эълон қилди.

Аллергик касалликларнинг кўпайишига эса нафас олаётган ҳавомизнинг турли сабаблар туфайли бузилиб бораётгани, ичимлик сувининг ҳар хил чиқинди ва кимёвий воситалар орқали ифлосланиши, ҳосилдорликни ошириш мақсадида ерга ким­ёвий ишлов берилиши, истеъмол қилаётган озиқ-овқатларимизнинг тобора кимёвийлашаётгани ва ниҳоят касалликларни даволаш учун кўплаб қўлланилаётган дори-дармонлар каби омиллар сабаб бўляптики, уларни тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ. Демак, аллерголог мутахассисларга талаб ошиб бораверади.

— Болалар шифокори ҳам, терапевт ҳам, оториноларинголог шифокор ва тери касалликлари бўйича мутахассис ҳам аллергология асосларидан хабардор бўлиши керак, — дейди Эргаш Салимов.

Бу хулоса клиникасида даволанаётган беморларнинг «касаллик тарихи» туфайли туғилганини таъкидлайди. Айрим беморларга аломатлари ўхшаш бўлгани сабабли бошқа касалликларга қарши даво чоралари қўлланилган. Бошқалари эса нотўғри муолажа туфайли йиллар давомида аллергиянинг бирон туридан азоб чекишган, дориларга кўникма ҳосил қилишган.

Қўрғонтепалик Файзинисо Сафарова бу масканни топиб келгунича ўғли аллергик хасталикдан анча азоб чекканини айтиб беради.

— Эмлашдан кейин фарзандимнинг томоғида оғриқ, баданида тошмалар пайдо бўлди. Шифокорлар тавсияси билан гормонлар қабул қилганимиздан кейин унинг аҳволи бироз яхшилангандек бўлар, аммо маълум фурсатдан кейин касаллик аломатлари яна ўзини кўрсата бошларди. Телевидение орқали «Доктор Салимов» шифохонасидаги муолажа услубларидан хабар топдим. Қисқа вақт ичида текширувлар олиб борилиб ташҳис қўйилди. Учинчи курс муолажаларни олдик, ҳар бир босқичдан кейин фарзандимда ижобий ўзгаришлар рўй берди, ҳозир унинг аҳволи анча яхши.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, келиб даволанаётган беморларнинг ҳар бири ана шундай илиқ фикрларни айтиши мумкин.

Айни кунда барча ривожланган давлатларда қўлланилаётган махсус аллерген-иммун муолажа билан Ўзбекистонда профессор Салимов томонидан ишлаб чиқилган дорисиз даволаш усулларининг уйғунлигидан иборат даволаш курслари туфайли ушбу масканнинг мижозлари кун сайин ошиб боряпти. Қўлланилаётган бош­қа иммун муолажалар беш йил давом этса, ­Эргаш Салимов услуби билан бу натижаларга уч йилда эришиш мумкин. Яна бир гап — кўпчилик аллергологлар ташҳис учун беморларга ўсимликларнинг уйғониш даври — баҳорда мурожаат қилишларини тавсия қилишади, клиникада эса ташҳиснинг ўзига хос услуби туфайли беморлар йил давомида қабул қилинади.

Афсуски, даволаниш мақсадида клиникага мурожааат қилаётганларга баъзан рад жавобини беришга тўғри келади — ўринлар сони чегараланган. Профессорнинг фарзанди унинг соҳасини танлаган, ҳозир биргаликда фаолият юритишяпти. Аммо соҳанинг билимдони ўз мактабини яратишни, издошлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлишини жуда-жуда истайди. Бу билан беморларнинг узоқ вилоятлардан марказга келиб овора бўлишларига ҳам чек қўйиш мумкин, дейди у.

Профессор Салимов билан суҳбатлашиш асносида кўнглимдан қуйидагилар ўтди.

Аллергик касалликларнинг кў­пайиб бораётганини ҳисобга олиб, хулоса чиқарадиган бўлсак, мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда Врачлар малакасини ошириш институтидаги аллергология кафедраси ва курс­лари фаолиятини бугунги кун нуқтаи назаридан таҳлил қилиш, моддий-техник базасини мус­таҳ­камлаш керакка ўхшайди. Шунинг­дек, аллергияга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, бу борада мутахассис муаммосини ҳал этиш тўғрисида жиддийроқ ўйлаб кўриш зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Тиббиётимиз фидойиси профессор Салимов яна бир хайрли ишни бошлаган. Аллергик касалликларга ташҳис қўйиш ва даволаш учун зарур бўл­ган аллергенлар ишлаб чиқаришни йўл­га қўйиш учун ҳаракат қилаяпти. Бу эса ўзимизда мазкур маҳсулотга бўлган талабни қондириш билан бирга ҳатто уни иссиқ иқлимли мамлакатларга экспорт қилиш имкониятини ҳам яратади. Бундай ша­роит эса юртимизда бор, дейди у. Айни кунда профессор мутахассислар билан ҳамкорликда дастлабки ўрганишларни олиб боряпти.

Шарофат ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.